Хотира — муқаддас, инсон қадри азиз

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Барча умумтаълим мактабларида 6-7 май кунлари фахрийларни таклиф этган ҳолда «Тинчлик дарслари» ташкил этилади.

«Тинчлик дарслари»да ўқувчиларга тинчлик учун бутун дунё ҳамжамияти билан биргаликда ҳаракат қилиш лозимлиги, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш учун жонини қурбон қилганларни доимо ёдда тутиш зарурлиги ва юртимиз тинчлигига ҳаммамиз масъул эканлигимизни очиб беришга алоҳида эътибор қаратилади.

«Тинчлик дарслари» ор­қали ўқувчиларга она Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаётидан фахрланиш, уларни ҳурмат қилиш, кексаларни эъзозлаш, ўтганларни хотирлаш, тинчлик ва осуда кунларнинг қадрига етиш, тинчлик учун барча бирдай масъул эканлиги ғоялари яна бир бор сингдирилади.

Мактаб ўқувчиларидан иборат  «Кўмак» гуруҳлари тузилиб,  байрам кунлари мактаб ҳудудида яшовчи уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, уй-рўзғор юмушларида кўмаклашишади ва уларга ўқувчилар  ўз қўллари билан тайёрланган табрик хатларини тақдим этишади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 7—9-синф ўқувчиларига она тили ва адабиёт дарсларида «Менинг шажарам» мавзусида иншо ёздирилиб, ўқувчилар ўз аждодларининг ибратли ҳаёти ҳақида бир-бирларига ҳикоя қилиб беришади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларида «Тинчлик дарслари»ни ташкил этиш бўйича тавсия тайёрланиб, барча умумтаълим мактаблари етказилди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

manba: uzedu.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan